ҒХҚ ын аккредитациядан өткериў тəртиби

Ўзбекистон Республикасининг референдумида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ҳамда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг референдумини (бундан буён матнда референдум деб юритилади) ёритиш учун хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. ОАВ вакиллари референдумда холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитациядан ўтказилади.

ОАВ вакилларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда МСК деб юритилади) томонидан берилган гувоҳномалар билан тасдиқланган бўлиши керак.

2. ОАВ референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан бошлаб, референдум ўтказилишига кечи билан ўн кун қолгунига қадар МСКга ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

3. МСК томонидан аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакилига мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги гувоҳнома берилади.

4. ОАВ вакиллари ваколат муддати унга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва референдум якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

II боб. Маҳаллий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш

5. Референдумда маҳаллий ОАВ вакиллари МСК томонидан аккредитациядан ўтказилади.

6. Референдумни ёритиш мақсадида маҳаллий ОАВ раҳбарлари МСКга ариза билан мурожаат қилади.

Маҳаллий ОАВнинг аризасида аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

маҳаллий ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

ҳар бир ходим учун тўлдирилган ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш анкетаси;

ходимнинг электрон фотосурати (оқ фонда jpeg форматда, 3х4 см ўлчамда камида 100 КВ, 600х600р кўпи билан уч ой олдин туширилган бўлиши ҳамда ходимнинг юзи ва елкаларининг юқори қисми кўриниб туриши керак).

Маҳаллий ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш учун ариза ва анкета мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тўлдирилади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар МСКга электрон шаклда юборилади. Бунда мазкур банднинг иккинчи – бешинчи ва еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳужжатлар pdf форматда бўлиши лозим.

7. Мурожаат беш кун ичида кўриб чиқилиб, МСКнинг қарори асосида маҳаллий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

III боб. Хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби

8. Референдумда хорижий ОАВ вакиллари МСК томонидан аккредитациядан ўтказилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида (бундан буён матнда ТИВ деб юритилади) аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларини МСКдан аккредитациядан ўтказиш учун тегишли ОАВ мухбирлик пункти (бюроси, офиси) раҳбари МСКга мурожаат қилади.

Мурожаатда аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

ҳар бир ходим учун тўлдирилган ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш анкетаси;

ТИВ томонидан аккредитация қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

ходимнинг электрон фотосурати (оқ фонда jpeg форматда, 3х4 см ўлчамда камида 100 КВ, 600х600р, кўпи билан уч ой олдин туширилган бўлиши ҳамда ходимнинг юзи ва елкаларининг юқори қисми кўриниб туриши керак).

Ҳужжатлар МСКга электрон шаклда юборилади. Бунда мазкур банднинг иккинчи – бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар pdf форматда бўлиши лозим.

Мурожаат беш кун ичида кўриб чиқилади ва МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

10. ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакиллари референдумни ёритиш мақсадида ТИВга мурожаат қиладилар. Мурожаатга:

оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;

аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг таржимаи ҳоли маълумотлари, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурати илова қилинади.

11. ТИВдан аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВ вакилларининг мурожаати тақдим этилган кундан кейин икки ҳафтадан кечикмай ТИВ томонидан кўриб чиқилади. Мазкур Низомнинг 10-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган, шунингдек белгиланган муддатда берилмаган мурожаат кўрилмасдан қолдирилади.

12. ТИВ хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида МСКга тақдимнома киритади.

Тақдимнома беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиб, МСК қарори асосида хорижий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

IV боб. ОАВ вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

13. ОАВ вакили:

референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш;

референдум ўтказувчи комиссияларнинг мажлисларида ҳозир бўлиш;

референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари нусхаларини ОАВда ёритиш учун олиш;

муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;

референдум куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш;

референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига ҳамда овоз бериш жараёнига ҳалақит бермасдан ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасаларида ташкил этилган референдум участкалари бундан мустасно);

фуқаронинг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнида ҳозир бўлиш;

референдум ўтказувчи округ комиссияси томонидан участка комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиши ҳамда округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;

референдумга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.

ОАВ вакили қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

14. ОАВ вакили:

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва МСКнинг қарорларига амал қилиши;

референдум ўтказувчи комиссияларнинг бинолари (хоналари), мажлислари ва матбуот анжуманларида гувоҳномани бошқаларга кўринадиган тарзда доимо таққан бўлиши;

мажлислар, матбуот анжуманлари, овоз бериш ва бошқа тадбирлар ташкил этиладиган бинонинг ўзлари учун ажратилган жойида референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиши;

референдум жараёнини ёритишда референдум ўтказувчи комиссиянинг фаолиятига ҳамда овоз бериш жараёнига халақит бермаслиги;

референдум ўтказувчи комиссияларга, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган гувоҳномани ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши шарт.

15. ОАВ вакилига қуйидагилар ман этилади:

конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи ахборотларни тарқатиш;

овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;

овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;

референдум куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, референдум натижалари прогнозларини, ўтказилаётган референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

16. ОАВ вакили ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида тегишли референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши керак.

17. ОАВ вакили референдум ўтказувчи комиссияларнинг мажлислари, матбуот анжуманлари ва бошқа тадбирларда (бундан буён матнда тадбир деб юритилади) иштирок этиши ҳақида тегишли референдум ўтказувчи комиссияни олдиндан хабардор қилиши керак. Бунда референдум ўтказувчи комиссия ОАВ вакилларининг тадбирларда иштирок этиши учун зарур шароит яратиш чораларини кўради.

Референдум ўтказувчи комиссия ОАВ вакилларининг тадбирда иштирок этиши учун рўйхатдан ўтиш муддати, тадбирни ўтказиш жойи ва бошқа ташкилий масалаларни эълон қилади.

18. Овоз берувчининг овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетенни тўлдириш жараёнини суратга ёки видеога олиш, уни тарқатиш, шу жумладан ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситаси вакили овоз бериш сирини ошкор қилса ёхуд фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, у овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда участка комиссияси қарор қабул қилади.

19. Қуйидагилар ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

а) аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

б) анкета тўлиқ ва тўғри тўлдирилмаган бўлса;

в) мазкур Низомда белгиланган муддатларга риоя этилмаганда;

г) ОАВ аккредитациядан ўтаётган даврда доимий фаолият юритмаганда;

д) веб-сайт сифатида рўйхатдан ўтган ОАВнинг ҳужжатларида кўрсатилган веб-сайти мавжуд бўлмаганда;

е) ОАВнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

ж) ОАВнинг чиқарилиши тўхтатиб турилганида ёки тугатилганида;

з) аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризада ёки унга илова қилинган ҳужжатда кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

и) ОАВнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиши суд қарорига мувофиқ чекланган ёки тақиқланганда;

й) ОАВ қайта рўйхатдан ўтказилмаган бўлса (агар ОАВ рўйхатдан ўтказилганидан сўнг муассис тўғрисидаги маълумотлар, ОАВнинг номи, тили ва тури, мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотларга ўзгартиришлар киритилган бўлса).

МСК матбуот хизмати ОАВга аккредитациядан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларида мавжуд камчиликларни бартараф этишни таклиф қилиши мумкин.

Ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликлар бир кунлик муддатда бартараф этилмаган тақдирда, ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш рад этилади.

ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш рад этилганида, бу ҳақда алоҳида қарор қабул қилинмайди ҳамда ОАВга унинг рад этилганлиги тўғрисида мазкур Низом ва (ёки) қонунчилик нормаларига асосланган жавоб берилади.

ОАВ мазкур банднинг “а” ва “б” кичик бандларида назарда тутилган камчиликни бартараф қилган ҳолда референдумга ўн кун қолгунига қадар МСКга қайта мурожаат қилиши мумкин.

20. Қуйидаги ҳолларда ОАВ вакилининг аккредитацияси МСКнинг қарори билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин:

ОАВ вакили “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, МСКнинг қарорлари талаблари ва ушбу Низом қоидаларини бузганида;

ОАВнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризада ёки унга илова қилинган ҳужжатда кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

аккредитация қилинган ходим билан ОАВ таҳририяти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда;

ходимнинг аккредитациясини бекор қилишни сўраб ОАВ таҳририяти томонидан МСКга ёзма мурожаат йўлланган тақдирда;

ОАВнинг чиқарилиши тўхтатиб турилганида ёки тугатилганида.

21. МСК ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш, аккредитациядан ўтказишни рад этиш ва унинг аккредитациясини муддатидан илгари тугатиш масалаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва асосланган қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатларни, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан сўрашга ва олишга ҳақли.

22. Аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ОАВ вакилининг мурожаатига асосан бир иш кунида гувоҳноманинг дубликати берилади. Бунда гувоҳноманинг юқори ўнг бурчагига “Дубликат” деб ёзилади.

23. Аккредитация қилинган ходим ишдан бўшатилган тақдирда ОАВ таҳририяти бу ҳақда дарҳол МСКни хабардор қилади.