Бугун, яъни 18 октябрь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан узоқ муддатли кузатувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб, комиссия фаолияти билан яқиндан танишди.
Халқаро кузатувчиларни Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зийуатдин Камалов кутиб олди.
Меҳмонлар дастлаб, сайлов комиссияси жойлашган бинода комиссия фаолияти ва сайловга оид пешлавҳалар билан танишди ва уларда акс этган кўринишлар бўйича маълумот олишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги Матбуот маркази ҳамда комиссия аъзоларининг иш хоналари, конференция зали билан танишди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зийуатдин Камалов билан ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Уэйк Дуглас, бюродан сайловларини кузатиш учун ташриф буюрган узоқ муддатли кузатувчилар координатори Ясмина Фракассетти, узоқ муддатли кузатувчилар Карл Петерсен, Рудольф Маттиас Фредрих Др.Сакенхайм мулоқот ўтказилди.
Мулоқот чоғида меҳмонларга жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловлари ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари бўйича маълумот бериб ўтилди.
Шунингдек, мулоқот давомида кузатувчилар миссияси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоблар олишди. Хусусан, жойлардаги сайлов комиссияларининг сайловларгача ўқув семинарларда иштирок этганлиги, тажрибалари, шу билан бирга Қорақалпоғистоннинг чекка туманларида сайловчилар сони ва сайловни ўтказишга кўрилаётган тайёргарликлар юзасидан маълумотларга эга бўлишди.
Мулоқот якунида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зийуатдин Камалов айни вақтда барча ҳудудларда сайловларни ўтказиш бўйича календарь режага мувофиқ тайёргарлик ишлари давом этаётганини, ушбу сиёсий тадбирларнинг очиқ ва ошкора ўтишида халқаро ва маҳаллий кузатувчилар институтининг ўрни муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Комиссия раисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
Матбуот маркази